2018 йилнинг 15 – 19 октябрь кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси
савдоларида 24 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 153 та битим
қайд қилиниб, 10,4 млн. дона акциялар 2,3 млрд. сўмга сотилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 0,47 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 15,3 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 225,9 сўмдан иборат бўлди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 69,8 фоизи тижорат банкларининг ва 12,1 фоизи қурилиш материаллари тармоғига
мансуб акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Universal
bank” ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 42,7 фоизи), “Turkiston” ХАТБ (17,5
фоиз), “Qizilqumsement” АЖ (10,5 фоиз), “Kogon yog'-ekstraktsiya zavodi” АЖ
(8,1 фоиз) ва “Trastbank” ХАБ (6,6 фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 85,3
фоизи (2,0 млрд. сўм) улар ҳиссасига тўғри келди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kogon yog'-ekstraktsiya zavodi” АЖ эгаллаган
ҳолда, унинг 124,7 минг дона акцияси
билан 191,0 млн. сўмлик 21 та битим амалга оширилди. Ундан кейинги ўринларни
эса “Kvarts” AЖ (20 та битим) ва “Janubsanoatmontaj” АЖ (19 та битим) эгаллади.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб,
тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 61,3 фоизи (1,4 млрд. сўм),
битимлар сони бўйича эса – 34,6 фоизи (53 дона) айнан улар ҳиссасига тўғри
келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Фарғона вилояти (44,3 фоиз) ва Тошкент
шаҳридаги (27,2 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 429,1 млрд. сўмлик 8 256 та савдо
битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 114 та акциядорлик жамиятининг
7,43 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.