“Тошкент” РФБ ҳафталик хабарлари.
Жорий йилнинг 1-5 июл кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 31 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 386 та битим қайд қилинди. Хафта давомидаги савдолар натижасида 301,85 млн. дона корпоратив қимматли қоғозлар билан жами 17,62 млрд. сўмлик битимлар амалга оширилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 98,2 фоизи ёки 17,3 млрд. сўм - иқтисодиётнинг банклар секторига мансуб жамиятлар, 1,1 фоизи ёки 190,6 млн. сўм - қурилиш тармоғи, 0,6 фоизи ёки 101,9 млн. сўм – саноат тармоғига мансуб жамиятлар шунингдек, фонд биржаси хафталик савдо айланмасининг қолган 1,0 фоизини агро-саноат комплекси, транспорт ва бошқа тармоқлардаги жамиятлар қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганлигини кўрсатди.
Ҳисобот даврининг энг йирик битими 1-июль санасида "Ҳамкорбанк" АТБнинг 293,0 млн. дона оддий акциялари билан 16,99 млрд. сўмга тузилган битим бўлди. Номинал нархи 5 сўм бўлган жамиятнинг оддий акциялари билан музокаралар аукциони “Nego Board” режимида тузилган битимда 1 дона акциянинг нархи 58 сўмни ташкил этди. Ушбу жамият қимматли қоғозлари билан амалга оширилган барча битимлар “Тошкент” РФБ ҳафталик савдо айланмасининг 97,1 фоизи ёки 17,11 млрд. сўмни ташкил этди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни мазкур ҳафтада “Qizilqumsement” АЖ эгаллаган ҳолда, унинг 91 766 дона акцияси билан 89 та битим амалга оширилди. Ундан кейинги ўринларни эса “O'zsanoatqurilishbank” АТБ (57 та битим), “Kvarts” АЖ (56 та битим) ва “Hamkorbank” АТБ (54 та битим) эгаллади.

Ҳисобот даврида инвесторлар тоифасига кўра битимлар сони бўйича жисмоний шахсларнинг фаоллиги кузатилиб, фонд биржаси савдоларида тузилган битимларнинг 89,4 фоизи (345 та битим) улар ҳиссасига тўғри келди. Савдо ҳажми бўйича эса, юридик шахслар ҳиссасига фонд биржаси ҳафталик савдо айланмасининг 98,5 фоизи (17,36 млрд. сўм) тўғри келганлигини кузатиш мумкин.

Йил бошидан буён “Тошкент” Республика фонд биржасида 3,10 млрд. дона корпоратив қимматли қоғозлари билан умумий қиймати 162,37 млрд. сўм бўлган 17 755 та савдо битими қайд қилиган.