«Тошкент» РФБ Биржа хабарлари
2018 йилнинг 6 - 10 август кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 21 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 220 та битим қайд қилиниб, 2.5 млн. дона акция 324.3 млн. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 61.9 фоизи ишлаб чиқариш ва 25.7 фоизи қурилиш компанияларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 10 август санасида асосий секцияда «Biokimyo» АЖнинг 6 минг дона акцияси билан 90 млн. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 15 000 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Kvarts» АЖ эгаллаган ҳолда, унинг 16 минг дона акцияси билан 81.8 млн. сўмлик 87 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 64.8 млн. сўмни, ўртача битим қиймати эса 1.5 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 126.9 сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «Biokimyo» АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда номинал қиймати 3 350 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа нархи 15 000 сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Biokimyo» АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 41.6 фоизи), «Kvarts» АЖ (25.2 фоиз), «Sarbon-Neftegaz» АЖ (12.3 фоиз) ва «Alskom» АЖ СК (5.2 фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 84.3 фоизи улар ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 83.9 фоизи, битимлар сонининг эса – 95.0 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент вилояти (46.8 фоиз) ва Тошкент шаҳри (26.0 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 251.1 млрд. сўмлик 7130 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 102 та акциядорлик жамиятининг 7.2 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.