2018 йилнинг 25 – 29 июнь кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 18 та акциядорлик жамиятининг акциялари билан 118 та битим қайд
қилиниб, 63,3 млн. дона акциялар 6,5 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 92,9 фоизи тижорат банклари қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 29 июнь санасида асосий секцияда «Savdogarbank» АТБнинг 60,0 млн. дона акцияси билан 6,0 млрд. сўм миқдорида
тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 100 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Kvarts» AЖ эгаллаган ҳолда, унинг 7 853 дона акцияси билан 34,1 млн. сўмлик 55 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,3 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 54,8 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 102,1 сўмдан иборат
бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «Olmaliq
KMK» AЖ имтиёзли акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда
номинал қиймати 3 914 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа
нархи 13 450 сўмни ташкил этди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
эса қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо
битимларида кузатилди:
1. «Issiqlikelektrloyiha» АЖ. Нисбат – 6,30:1. Ушбу акциядорлик жамияти
бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 6 300 сўмдан иборат бўлди.
Акциянинг номинал қиймати эса 1 000 сўмни ташкил қилади.
2. «Naqlgazmaxsusqurilish» АТБ. Нисбат – 5,50:1. Ушбу эмитент бир дона
акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 5 500 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати 1 000 сўмни ташкил қилади.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Savdogarbank»
АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 92,8 фоизи), «Alskom» СК АЖ (5,8 фоиз) ва “Kvarts”
АЖ (0,5 фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 99,1 фоизи (6,4 млрд. сўм) улар
ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб,
тузилган умумий битимлар ҳажмининг
– 97,0 фоизи ёки 6,3 млрд. сўмлик қисми айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Инвестор сифатида юридик шахслар энг кўп тижорат
банклари (95,7 фоиз) ва суғурта компаниялари (4,3 фоиз) акцияларига юқори
қизиқиш билдиришган.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (99,0 фоиз) акциядорлик
жамиятлари ҳисобига тўғри келди.