2018 йилнинг 28 май - 1 июнь кунлари
«Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 34 та акциядорлик
жамиятининг акциялари билан 182 та битим қайд қилиниб, 31,2 млн. дона оддий ва 4,5
минг дона имтиёзли акциялар 11,9
млрд. сўмга сотилди. Ҳафта якунларига кўра USI индекс кўрсаткичи 1033,09 (▲ 0.1) пунктни ташкил этди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 77,5 фоизи саноат тармоғига кирувчи акциядорлик жамиятлари ҳамда 21,9 фоизи
тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан
иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 1 июнь санасида музокаралар аукциони
тарзидаги «Nego Board» секциясида
“O'ZBEKKIMYOMASH ZAVODI” АЖ нинг 2,0 млн. дона акцияси билан 8,3
млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 4 051,5 сўмни
ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kvarts” AЖ эгаллаган ҳолда,
унинг 10 минг дона акцияси билан 48,5
млн. сўмлик 83 та битим амалга оширилди. Ундан кейинги ўринларни эса
«Sarbon-Neftegaz» АЖ (18 та битим) ва АТ “Aloqabank” (14 та битим) эгаллади.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 2,1 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 59,0 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 343,2 сўмдан иборат
бўлди.
“O'zlitineftgaz” AЖ акциялари
билан тузилган савдо битимларида қимматли қоғозларга белгиланган энг юқори нарх
кузатилди. Бунда номинал қиймати 5 000 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо
кунидаги биржа нархи 50 000 сўмни ташкил этди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ эса
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. “Neftgazqurilishta'mir” АЖ. Нисбат – 25:1. Ушбу акциядорлик жамияти бир дона
акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 25 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати эса 1 000 сўмни ташкил қилади.
2. “Qishloq qurilish bank” АТБ. Нисбат – 10,5:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо
кунидаги биржа нархи 1 250 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 119,25
сўмни ташкил қилади.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “O'ZBEKKIMYOMASH
ZAVODI” АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 77,2 фоизи ёки 8,3 млрд. сўм), “Turkiston”
ХАТБ (15,9 фоиз ёки 1,7 млрд. сўм) ва “O'zsanoatqurilishbank” АТБ (4,6 % ёки 0,5
млрд. сўм) ташкил этган
ҳолда, савдо айланмасининг 97,8 фоизи (10,5 млрд. сўм) улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли
қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент
вилояти (77,3 фоиз) ва Тошкент шаҳридаги (22,0 фоиз) акциядорлик жамиятлари
ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 135,0 млрд. сўмлик 5 310 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа
савдоларида 78 та акциядорлик жамиятининг 3,5 млрд. дона қимматли қоғозлари
сотилган.
Йил бошидан буён биржа савдо айланмасида тижорат банкларининг қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажми юқорилигича қолмоқда. Уларнинг
умумий савдо айланмасидаги улуши 67,3 фоиз ёки 91,6 млрд. сўмни ташкил этади.