2018 йилнинг 14 – 18 май кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси
савдоларида 19 та акциядорлик жамиятининг акциялари билан 116 та битим қайд
қилиниб, 19,5 млн. дона оддий ва 5742 дона имтиёзли акциялар 13,8 млрд. сўмга
сотилди.
Ҳисобот даврида Ягона дастурий-техник комплекснинг қуйидаги савдо
секцияларида савдо битимлари амалга оширилди:
– асосий секция (“Main Board”) – 5,07 млрд. сўмлик 114 та битим;
– музокаралар аукциони тарзидаги секцияда (“Nego Board”) – 4,99 млрд.
сўмлик 1 та битим;
– биржа савдо тизимидаги блок – трейдинг савдо секциясида - 3,76 млрд.
сўмлик 1 та битим.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 72,4 фоизи тижорат банклари қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 18 май санасида музокаралар аукциони
тарзидаги секцияда “Kapitalbank” АТБнинг 5,26
млн. дона акцияси билан 4,99 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг
сотув нархи 950
сўмни ташкил қилди. Йил бошидан буён фонд биржасида “Kapitalbank”
АТБнинг 19,4 млрд. сўмлик акциялари билан савдо битимлари тузилган бўлиб, савдо
айланмаси ҳажми бўйича ушбу банк биринчи
ўринни эгаллаб турибди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kvarts” AЖ эгаллаган ҳолда,
унинг 8,8 минг дона акцияси билан 43,6 млн. сўмлик 49 та битим амалга
оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 2,76 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 119,3 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 710,0 сўмдан иборат
бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ “Hermes
petrol systems” AЖ ҚК акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди.
Бунда номинал қиймати 10 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа
нархи 418,15 сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Turkiston”
ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 36,3 фоизи ёки 5,01 млрд. сўм), “Kapitalbank” АТБ (36,1 фоиз ёки 4,99 млрд. сўм) ва “Hermes petrol systems”
АЖ (27,2 фоиз ёки 3,76 млрд. сўм) ташкил этди. Ҳафталик савдо айланмасининг 99,6
фоизи (13,78 млрд. сўм) улар ҳиссасини
ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 72,8 фоизи (10,0
млрд. сўм), битимлар сони бўйича эса – 98,3 фоизи (114 дона) айнан улар
ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (99,7 фоиз) акциядорлик
жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 112,4 млрд. сўмлик 4 985 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 69 та акциядорлик жамиятининг 3,46 млрд.
дона қимматли қоғозлари сотилган.