2018 йилнинг 2 – 6 апрель кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 23 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 62 та битим
қайд қилиниб, 118,4 млн. дона акция 19,7 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 86,5 фоизи тижорат банклари ва 12,3
фоизи суғурта компанияларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 5 апрель санасида Ягона дастурий техник мажмуаси савдо
тизимининг асосий секциясида «Turkiston» ХАТБнинг 7,5 млн. дона акцияси билан 7,5
млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 1 000 сўмни ташкил
қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Agrobank» АТБ эгаллаган
ҳолда, унинг 4,7 минг дона акцияси билан
иккиламчи бозорда 5,5 млн. сўмлик 12 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 3,3
млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 317,5 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан
бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 166,2
сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «O'zkimyopolimersavdo»
АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда номинал қиймати 2
380 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа нархи 48 000 сўмни
ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Kapitalbank»
АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 44,8 фоизи ёки 8,8 млрд. сўм), «Turkiston»
ХАТБ (38,1 фоиз ёки 7,5 млрд. сўм), «Alskom» АЖ СК (12,3 фоиз ёки 2,4 млрд. сўм)
ва «Universal bank» ХАТБ (3,6 фоиз ёки 0,7 млрд. сўм) ташкил этди. Савдо
айланмасининг 98,8 фоизи (19,4 млрд. сўм) улар ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада ҳам инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний
шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 83,4 фоизи
(16,4 млрд. сўм), битимлар сонининг эса – 90,3 фоизи (56 дона) айнан улар
ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (96,1 фоиз) ва
Фарғона вилоятидаги (3,6 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 63,2 млрд. сўмлик 748 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 61 та акциядорлик жамиятининг 288,0
млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.