2018 йилнинг 12 - 17 март кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 16 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 87 та битим
қайд қилиниб, 5,0 млн. дона акция 7,5 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 58,7 фоизи тижорат банклари ва 40,7
фоизи лизинг компанияларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан
иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 14 март санасида асосий секцияда «Simurg» АЖнинг 1,3
млн. дона акцияси билан 3,0 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг
сотув нархи 2 304 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Hamkorbank» АТБ
эгаллаган ҳолда, унинг 984,9 млн. дона
акцияси билан 152,8 млн. сўмлик 46 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,2
млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 85,8 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан
бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 1 495
сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «Toshkentvino
kombinati» ЧЭИИ АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда
номинал қиймати 4 000 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа
нархи 100 000 сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Simurg»
АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 40,7 фоизи), «Turonbank» АТБ (24,7 фоиз), «Universal
bank» ХАТБ (21,2 фоиз) ва «Ravnaq-bank» ХАТБ (10,7 фоиз) ташкил этди. Савдо
айланмасининг 97,7 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний
шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 58,8 фоизи,
битимлар сонининг эса – 97,7 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (76,3 фоиз) ва
Фарғона вилоятидаги (21,2 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 32,3 млрд. сўмлик 587 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 50 та акциядорлик жамиятининг 151,8
млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.