2018 йилнинг 29 январ – 2 феврал кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 8 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 18 та битим қайд қилиниб, 47,3 млн. дона акция 5,9 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 99,9 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 2 феврал санасида «Asia Alliance Bank» АТБнинг 10,4 млн. дона акцияси билан 2,7 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни «Hamkorbank» АТБ эгаллаган ҳолда, унинг 32,8 минг дона акцияси билан 5,0 млн. сўмлик 7 та битим амалга оширилди.
Шундай қилиб, «Asia Alliance Bank» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 95,6 фоизи) ҳамда «Ipak Yo'li» АИТБ (4,2 фоизи) ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентлар қаторига кирди. Савдо айланмасининг 99,8 фоизи улар ҳиссасини ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, якунланган январь ойида фонд биржасида 16 та савдо сессияси ўтказилиб, 19 та акциядорлик жамиятининг 5,5 млн. дона қимматли қоғозлари билан 70 та савдо битими тузилди. Cавдо айланмаси бу ойда 5,6 млрд. сўмга етди. Ўтган ой мобайнида Ягона дастурий-техник комплекснинг қуйидаги савдо секцияларида савдо битимлари амалга оширилди:
– асосий секцияда (“Main Board”) – 5,5 млрд. сўмлик 46 та битим; – музокаралар аукциони тарзидаги секцияда (“Nego Board”)
– 164,3 млн. сўмлик 24 та битим;
Январь ойида инвестор сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг тижорат банкларининг (99,5 фоиз) қимматли қоғозларига бўлган қизиқиши юқорилиги кузатилди. Ўтган ойда инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 95,0 фоизи, битимлар сонининг эса – 95,7 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Ўтган ойда фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (97,9 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 11,3 млрд. сўмлик 77 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 20 та акциядорлик жамиятининг 77,4 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.