Жорий йилнинг
17 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат
мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш
чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Мазкур Фармон хусусий тадбиркорликни
ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга товарлар ишлаб чиқариш ва
хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва бу
жараённи жадаллаштириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида бюрократик тўсиқларни йўқотиш,
хусусий мулкка сотилган объектлар негизида рақобатбардош маҳсулотларни
(хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Фармонда стратегик
аҳамиятга эга бўлмаган корхоналарни ва уларнинг устав фондидаги давлат
улушларини, давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш, шу жумладан, “ноль”
харид қийматида инвестиция киритиш шарти билан бериш ўрнатилган талабларга
мувофиқлигидан келиб чиқиб хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш
ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар
ҳокимларига берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, давлат мулкини ижарага
олган ва объектни мукаммал таъмирдан чиқарган давлат мулки объектининг
ижарачисига уни хусусийлаштиришда ижарага олинган объектни биринчи навбатда
сотиб олиш учун устун ҳуқуқ берилади. Таклиф ягона иштирокчидан тушган ҳолатларда
давлат мулки объектлари билан олди-сотди шартномаларини тузишга рухсат берилди.
Хусусийлаштирилаётган объект бўйича сотиб олиш тўловларини тўлаш учун 3
йиллик муддат назарда тутилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон
Республикаси даъвогар-резидентларидан танлов савдоларида қатнашиш учун бизнес
режа ва буюртманомадан ташқари бошқа бирорта ҳужжатлар талаб қилиш, ҳамда
хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш ёки қайтадан кўриб чиқишни талаб қилиш
таъқиқланади.
Фармонда шунингдек, фонд биржасида
аҳолига ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига акцияларни давлат мулки
объектларини сотишда халқаро амалиётда кенг фойдаланилаётган бирламчи (IPO) ва
иккиламчи (SPO) ошкора таклиф этишни кўзда тутади.