2016 йилнинг ноябрь ойида фонд биржасида 22 та савдо сессияси ўтказилиб,
33 та акциядорлик жамиятининг 15,7 млн. дона қимматли қоғозлари билан 335 та
савдо битими тузилди. Cавдо айланмаси ноябрь ойида 26,1 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2015 йилнинг мазкур
даврига нисбатан деярли 2 маротаба юқори кўрсаткич қайд этилди (13,2 млрд. сўм).
Ўтган ой мобайнида Ягона дастурий-техник комплекснинг қуйидаги савдо секцияларида
савдо битимлари амалга оширилди:
асосий секцияда («Main Board») – 16,5 млрд. сўмлик 231 та битим, шундан 1,0 млрд. сўмлик қисми корпоратив
облигациялар билан тузилган 2 та битим ҳамда хорижий валютада 138,7 минг АҚШ
долл. миқдоридаги 1 та савдо битими (МБ курси бўйича 0,4 млрд. сўм);
музокаралар аукциони тарзидаги секцияда («Nego Board») - 3,1 млн. АҚШ долл. миқдорида 2 та битим (савдо кунидаги Марказий банк курси бўйича 9,5 млрд. сўм);
жисмоний шахслар учун клирингсиз битимлар тузиш имкониятини берувчи секция
(«NC Board») – 0,06 млрд. сўмлик 102 та битим.
Энг йирик битим 3 ноябрь санасида музокаралар аукциони тарзидаги секцияда («Nego Board») хорижий валютада «O'zparavtotrans»
АЖнинг 19,8 минг дона акцияси билан 2,1 млн. АҚШ долл. миқдорида тузилди (савдо
кунидаги Марказий банк курси бўйича 6,5 млрд. сўм).
Муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланган қимматли қоғозларнинг ликвидлилик
коэффициенти ноябрь ойида умумий ҳолда
1,58 пунктни ташкил этди. Энг юқори ликвидлилик
коэффициенти иқтисодиётнинг саноат тармоғи (17,0 пункт) ҳиссасига тўғри келади.
Ҳисобот даврида қимматли қоғозлар билан тузилган умумий биржа битимларининг деярли
ярми (167) номинал қийматидан юқори нархда амалга оширилган.
Ноябрь ойида инвестор сифатида жисмоний ва юридик
шахсларнинг саноат тармоғи (61,3%), агросаноат мажмуасига (19,5%) кирувчи
жамиятлар ҳамда тижорат банкларининг (14,1%) қимматли қоғозларига бўлган
қизиқиши юқорилиги кузатилди.