2016
йилнинг 11 ойи давомида «Тошкент» Республикаси фонд биржаси савдо айланмасининг
умумий ҳажми сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткични - 224,2 млрд.
сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг шу даврига (128,3 млрд. сўм)
нисбатан 1,7 мартага ошди.
Мазкур
даврда фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони
2728 тани ташкил этган ҳолда 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3
марта юқори натижа қайд этилди. Йил бошидан буён биржа савдолари орқали 125 та
акциядорлик жамиятининг 591,1 млн. дона қимматли қоғозлари билан биржа
битимлари амалга оширилди.
Ўтган
январь - ноябрь ойлари мобайнида умумий биржа савдо айланмасида иқтисодиётнинг
молиявий тармоғи улуши 51,2% ёки 114,7 млрд. сўмни ташкил қилган ҳолда, шундан
50,1% ёки 112,2 млрд. сўмлик қисми тижорат банкларининг қимматли қоғозлари
билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди. Ўтган йилнинг мазкур даврида
эса биржа савдо айланмасида молиявий тармоқнинг улуши 86,0% ёки 110,3 млрд.
сўмни ташкил қилган.
Шунингдек,
ўтган даврда умумий биржа савдо айланмасида агросаноат мажмуасининг улуши ўсган
ҳолда 6,6% ёки 14,8 млрд. сўмни (2015 йилнинг 11 ойида – 9,1% ёки 11,6 млрд.
сўм), саноат тармоғининг улуши эса 18,0% ёки 40,3 млрд. сўмни (2015 йилнинг 11
ойида – 0,4% ёки 0,5 млрд. сўм) ташкил қилди.
Қурилиш
материаллари тармоғига кирувчи жамиятларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлар ҳиссаси биржа савдо айланмасида 0,9% ёки 2,1 млрд. сўмдан (2015
йилнинг 11 ойида – 2,4% ёки 3,0 млрд. сўм) иборат бўлди.
Бундан
ташқари, фонд биржасининг ўтган 11 ойлик умумий савдо айланмаси таркиби
инвесторлар тоифасига кўра таҳлил қилинганда, тузилган битимлар умумий
ҳажмининг 79,8% (178,9 млрд. сўм) юридик шахсларнинг инвестициялари ташкил
этганлигини кўришимиз мумкин. Шундан 45,3% ёки 81,0 млрд. сўмлиги хорижий инвесторлар
ҳиссасига тўғри келади.
Жисмоний
шахсларнинг умумий биржа савдо айланмасидаги улуши эса 20,2% ёки 45,3 млрд. сўмни
ташкил этди. (2015 йилнинг 11 ойида жисмоний шахсларнинг инвесторлар
таркибидаги улуши 19,8% ёки 25,3 млрд. сўмни ташкил этган).
Бундан
ташқари, январь – ноябрь ойлари мобайнида биржа листинг комиссияси хулосаси
асосида 85 та янги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари биржа
котировкалаш варағига киритилди ҳамда 68 та жамиятга нисбатан делистинг тартиби
қўлланилди. Натижада 2016 йилнинг 30 ноябрь ҳолатига биржа котировкалаш
варағидан жой олган жамиятларнинг умумий сони 278 тани ташкил этмоқда (2015 йил
30 ноябрь ҳолатига – 220 тани ташкил этган). Биржа котировкалаш варағидаги
акциядорлик жамиятларнинг 24 таси “А” тоифа, 29 таси “В” тоифа, 190 таси “С”
тоифа ҳамда 35 та жамият “Р” тоифага мансубдир.