2017 йилнинг 19 - 23 июнь кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 21та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 121 та битим
қайд қилиниб, 22,4 млн. дона акция 6,8 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 82,8 фоизи тижорат банкларининг
қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини
кўрсатди. Энг йирик битим 22 июнь санасида «Asia Alliance Bank» АТБнинг 16,5
млн. дона акцияси билан 4,3 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни «UZKABEL» АЖ
эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу
жамиятнинг 423 дона акциялари билан 4,3 млн. сўмлик 43 та битим амалга
оширилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Asia
Alliance Bank» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 75,2 фоизи), «G'IJDUVON
PAXTA TOZALASH» АЖ (14,6 фоиз),
«Universal bank» АТБ (6,4 фоиз), «Kogon Yog-Ekstraksiya zavodi» АЖ (1,9 фоиз)
ва «Turonbank» АТБ (1,0 фоиз) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 98,6
фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (76,3 фоиз) акциядорлик
жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. «UZKABEL» АЖ. Нисбат – 8,06:1. Ушбу акциядорлик жамияти бир дона
акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 12 096 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати эса 1 500 сўмни ташкил қилади.
2. «Olchazor aziya» АЖ. Нисбат –
6,00:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 30 000 сўмдан
иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 5 000 сўмни ташкил қилади.
3. «Aloqabank» АТБ. Нисбат –
4,95:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 600
сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 121 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 84,4
фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Таҳлилларга кўра инвестор сифатида
жисмоний шахслар энг кўп тижорат банклари акцияларига юқори қизиқиш билдиришган
(97,2 фоиз).
Фонд биржасида йил бошидан буён 32,4 млрд. сўмлик 1312 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 72 та эмитентнинг 1,1 млрд. дона
қимматли қоғозлари сотилган.