Ўтган асрда
иқтисодиёти тараққий топган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, фақат
бозор иқтисодиётигина иқтисодиёт самарадорлик кўрсаткичларининг энг юқори
даражасини таъминлайди. Бозор механизмининг самарадорлиги кўп жиҳатдан
иқтисодиётнинг товар-пул муносабатлари билан қай даражада тўлиқ қамраб
олинганлиги билан бевосита боғлиқ.
Бу товар
бозорлари билан бир қаторда молия бозорини, жумладан, унинг таркибий қисми
ҳисобланадиган қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш зарурлигини англатади.
Чунки қимматли қоғозларнинг ривожланган айланмасисиз бозор иқтисодиёти амал
қилиши мумкин эмас. Қимматли қоғозлар бозори модели тамойилларига асосланган
ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтишда республика иқтисодий ривожланиш
стратегиясининг яхлит эканлиги ҳозирги кундаги инкор этилмайдиган ҳақиқатдир.
Дунёнинг ривожланган мамлакатлар тажрибасига назар ташласак, қимматли қоғозлар
бозори узоқ йиллар давомида стихияли равишда юзага келган. Шундан кейин
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиб турувчи қонунлар қабул қилинган.
Мамлакатимизда эса, миллий қимматли қоғозлар бозори билан биргаликда, унинг
фаолиятини тартибга солиб турувчи қонуний-меъёрий ҳужжатлар параллел равишда
такомиллаштириб борилмоқда (1).
Бозор
иқтисодиётида тижорат банкларининг фонд бозоридаги фаоллиги кун сайин ортиб
бормоқда, бу банкларимизга бўлган ишонч, активларини тўғри жойлаштириши ҳамда
жаҳон талабларига мос фаолият олиб борилаётганлигидан далолатдир.
Республикамизда 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Банклар ва банк фаолияти
тўғрисида”ги Қонунга биноан тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида
қуйидаги операцияларни амалга оширишлари мумкин:
– қимматли
қоғозлар (акция, облигациялар, депозит сертификатлар ва бошқалар)ни чиқариш;
– қимматли
қоғозларни сотиб олиш, сотиш, сақлаш, улар билан бошқа операцияларни амалга
ошириш;
– товар
етказиб бериш ва хизмат кўрсатишдан келиб чиқадиган талаб ҳуқуқини олиш, бундай
талабларни инкассация қилиш;
– мижозлар
ишониб топширган операцияларни: маблағларни жалб этиш ва жойлаштириш ва
қимматли қоғозларни бошқариш, жойлаштириш ва ҳоказо ишларни бажаради (2).
Мамлакатимизда
фаолият юритадиган тижорат банкларининг аксарияти “Тошкент” Республика фонд
биржаси листингига киритилган бўлиб, уларнинг биржадаги операциялар ҳажмида
салмоғи юқори ҳамда “А“ тоифадаги листингга киритилган қимматли қоғозлар
ҳисобланади.
Қимматли
қоғозлар бозорининг иштирокчилари орасида банклар шу билан ажралиб турадики,
улар фонд бозорининг қонунчилик билан рухсат берилган деярли барча молиявий воситаларида:
акция, облигация, депозит сертификатлари ва векселларни эмитент сифатида
чиқариши мумкин.
Масалан,
“Тошкент” Республика фонд биржаси Матбуот хизмати берган хабарга кўра, савдо
битимлари ҳажми ва сони бўйича энг пешқадам эмитентлар сифатида 2016 йилдаги
энг йирик битим “InFinBank” АТБнинг 27,9 млн. дона акцияси билан 8,9 млн. АҚШ
долл. (савдо кунидаги МБ курси бўйича 28,5 млрд. сўм) миқдорида тузилган. Бутун
2016 йил давомида эса “InFinBank” АТБнинг акциялари билан 54,0 млрд. сўмлик 29
та савдо битими амалга оширилган ҳамда ушбу банк фонд биржасида савдо айланмаси
ҳажми бўйича йилнинг энг пешқадам эмитенти деб топилган.
Умуман
олганда, ўтган 2016 йил давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган ТОП-5
эмитентларни “InFinBank” АТБ (йиллик савдо айланмасининг – 18,1%),
“Ipoteka-bank” АТБ (28,4%), “HI-TECH BANK” АТБ (6,3 фоиз), “TYVQTZ” АЖ (4,6%)
ва “Asia Alliance Bank” АТБ (4,4%) ташкил этган. Уларнинг қимматли қоғозлари
билан жами 128,0 млрд. сўмлик савдо битимлари амалга оширилди. Бу йиллик савдо
айланмасининг 43,0 фоизи демакдир.
Бундан
ташқари, “Ipoteka-bank” АТБ тузилган савдо битимлари сони бўйича етакчилик
қилиб, 2016 йил давомида ушбу банкнинг 7,9 млн. дона акциялари билан 477 та
савдо битими имзолангандир (3).
Мамлакатимизда
тижорат банкларининг Базель III талаблари асосида, молиявий барқарорлигини
ошириш ҳамда халқаро рейтинг агентликларининг юқори рейтинг ўринларини
эгаллашга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар тижорат
банкларининг жадал ривожи ва фонд бозорида ўз ўрнини эгаллашига йўл очди.
Республикамиз тижорат банкларининг акциядорлик жамиятлари шаклида
тузилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунга кўра, устав капиталини оширишга
қаратилган талаб банкларнинг ўз акциялари эмиссияларини амалга оширишига туртки
бўлди. Натижада банклар акцияларининг биржадаги айланма маблағи ошиб бориб, бу
жараён банклар фаолияти даромадлиги, ишончлиги ҳамда узоқ муддатли ликвидлигини
ошишида муҳим омил бўлмоқда.
* Бироқ,
шуни таъкидлаш лозимки, ижобий натижалар билан бир қаторда мамлакатимизда фонд
бозорининг изчил ривожланмаганлиги билан боғлиқ бўлган айрим муаммолар ҳам
мавжуд. Энг аввало, фонд бозори иштирокчиларининг асосий қисмини банклар ташкил
этмоқда. Бу билан фонд бозорининг ресурслар билан етарли даражада
таъминланганлик даражасига эришиб бўлмайди. Хориж амалиётидаги фонд бозорлари
фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, бундай бозорлар ўзларининг йирик молиявий
маблағлари билан қатор соҳаларни молиялаштириш имкониятига эгадирлар.
Мамлакатимизда фонд бозорининг молиявий ресурслар билан етарли даражада
таъминланишига эришиш учун ушбу бозорда банклардан ташқари бошқа компаниялар,
йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва саноат корхоналарини ҳам кенгроқ жалб этишни
тақозо этади (4). Шунингдек, хорижий инвесторларнинг иштирокини янада
ривожлантириш лозим. Бунда эса, инвесторларга барча маълумотларни ўз вақтида
етказиш тизими такомиллашмаганлиги асосий муаммолардан бири бўлиб турибди.
Чунки, ушбу ҳолатда ўз маблағлари ҳисобидан қимматли қоғозларни сотиб олмоқчи
бўлган инвесторларга янги ахборотларни вақтида тўлиқлигича етказиш тизимини
янада такомиллаштириш талаб этилади.
Фонд
бозорига корхона ва тижорат банкларини листингга киритиш тизими нисбатан
мураккаб бўлиб, автоматлаштирилган тизим орқали корхоналарни листингга
киришлари ёки делистинг бўлишларини баҳолаш тизими тўла-тўкис яратилмаган.
Бунинг учун мамлакатимизда фаолият юритаётган резидент ва норезидент корхоналар
ҳақида маълумотлар жамланган ягона ахборот базаси яратилса, нафақат юридик
шахсларни листингга киритиш ёки делистинг қилиш, балки кредитлаш ва бошқа
молиявий хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратади.
Фонд бозори
иштирокчилари савдо жараёнида савдо тизимининг такомиллашмаганлиги туфайли
қатор қийинчиликларга юз тутишмоқда. Жумладан, бир савдо доирасида бир
инвестордан иккинчи инвесторга шу қимматли қоғозни сотиш имкониятининг йўқлиги.
Тижорат
банкларида инвестицион фаолиятини амалга ошириш учун фонд бозорини олдиндан
башорат қиладиган ҳамда таваккалчиликларини олдиндан билиб, уларни суғурта қила
оладиган мутахассисларни етишмаслиги ҳам асосий муаммолардан бири бўлиб
қолмоқда (5).
Ўзбекистонда
банкларнинг фонд бозоридаги фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун
таҳлил қилиш асносида аниқланган мавжуд муаммоларни ечиш, унинг истиқболларини
белгилаш мақсадида амалга оширилган ишларимиз натижаларидан келиб чиқиб,
қуйидаги хулосалар ва таклифларнинг қўлланиши тижорат банкларининг қимматли
қоғозлар бозоридаги фаолиятини янада оширишга олиб келишини қайд этмоқчимиз:
– фонд
бозори фаолият механизмини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, қимматли
қоғозлар листинги ва котировкаси тартибини такомиллаштириш, фонд бозорини
асосий тузилмалари: биржалар, депозитарийлар ва ҳисоб-китоб клиринг
ташкилотларининг автоматлаштирилган алоқа тизимларини ривожлантириш лозим;
–
мамлакатимизда фонд бозорининг яхши ривожланмаганлигига инвесторларга барча
зарур маълумотларни ўз вақтида етказиш тизими такомиллашмаганлиги асосий
муаммолардан биридир. Чунки ўз маблағлари ҳисобидан қимматли қоғозларни сотиб
олмоқчи бўлган инвесторлар янги ахборотлардан ўз вақтида тўлиқлигича хабардор
бўлмаса кутилган самарага эришиб бўлмайди;
– қимматли
қоғозларининг иккиламчи бозоридаги фаоллигини, жумладан банкларнинг акциялар
бўйича олди-сотди битимларинигина ҳажмини ошириш мақсадида, савдолар тизимини
ҳамда савдоларни иккиёқлама аукцион усулида олиб бориш, бир вақтнинг ўзида пул
маблағлари ва қимматли қоғозларни бир мижоздан иккинчисига ўтказиш имконини
берадиган электрон дастурини яратиш даркор;
– биржа
савдоларида сотиладиган воситалар сонини кўпайтириш, яъни молиявий фючерс,
опцион, депозитар тилхатлари ва ипотека облигацияларини жорий этиш. Бу ҳолат
қимматли қоғозлар бозорида тижорат банкларининг фонд бозоридаги профессионал
фаолиятларининг фаоллашувига ва фонд бозори айланмасининг ошишига олиб келади;
– қимматли
қоғозлар бозори қатнашчиларини дастурий-техник таъминлашни унификациялаш,
электрон ҳужжатлар айланмасини кундалик қўллаш бўйича татбиқ этиш;
– фонд
бозорининг ахборот базасини ривожлантириш, Фонд биржаси веб-сайтининг ахборот
алмашув даражасини ошириш ва банкларнинг бу ахборот базаларидан кенг
фойдаланишини таъминлаш;
– банк
ходимларининг ва мижозларнинг фонд бозори, қимматли қоғозларга сармоя киритишда
бозорнинг таваккалчиликка асосланганлиги ҳақидаги билимларини ошириш;
–
банкларнинг қимматли қоғозларга инвестициялар киритиш чоғидаги хатарларини
пасайтириш мақсадида йўқотишлар ўрнини қоплашнинг турли хил шаклларини,
қимматли қоғозлар бозорида ўзаро кафолатлар ва суғурталаш тизимларини яратиш.
Фонд бозори
молия-банк тизимини барқарорлигини таъминлаш мамлакатимиз иқтисодиётига
инвестиция ресурсларини жалб қилиш ва тижорат банкларимиз учун даромад манбаини
яратиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда халқаро фонд бозорига
интеграциялашувини амалга оширишда долзарблиги билан ажралиб туради.
Умид
ОТАЖАНОВ,
ТДИУ
доктаранти.
Аннотация
Ушбу
мақолада мамлакатимиз тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш
йўлида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар хусусида қисқача тўхтаб ўтилган.
Шунингдек, тижорат банкларининг фонд бозоридаги барча турдаги операциялари
кўламининг кенгайиши, мамлакатимиз банкларининг даромадлиги, ишончлиги ҳамда
ликвидлигини ошишига олиб келиш таҳлил этилган.
В данной
статье коротко описывается о достигнутых достижениях по обеспечению финансовой
устойчивости коммерческих банков нашей страны. Также анализировано, что
расширение масштаб операций коммерческих банков в фондовых биржах приведет к
повышению рентабельности, надежности и ликвидности банков страны.
This article briefly describes the achievements
made to ensure financial stability of commercial banks in our country. It is
also analyzed that the expansion of the scale of operations of commercial banks
in stock exchanges will lead to an increase in the profitability, reliability
and liquidity of the country's banks.
Калит сўзлар: қимматли қоғозлар, фонд биржаси, листинг, акция, облигация, инвестицион операциялар, депозит сертификатлари, иккиламчи қимматли қоғозлар бозори, опцион, ликвидлилик.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. И.И.Алимов. “Тижорат банкларининг қимматли қоғозлар билан операциялари”. Ўқув қўлланма.
Т.: ТДИУ. 2007
2. “Банк
ахборотномаси газетаси”. 2016-2017 йиллардаги сони.
3. Интернет
сайтлари :www.cbu.uz (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки); www.uzse.uz
(Тошкент Фонд биржаси).
4. Питер С.
Роуз. Банковский менеджмент. М.: Дело Лтд, 1995
5. Носиров
Э.И. “Қимматли қоғозлар бозорида тижорат банкларининг
ролини ошириш масалалари”. Автореферат ИФН. Ўз.РБМА-Т. 2003 й. 5б.
"BIZNES -
ЭКСПЕРТ" журналининг №11(119)-2017
сонида эълон қилинган