2017 йил фонд бозори учун унинг кўрсаткичларида
ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан сезиларли ўзгаришлар ва эришилган муваффақиятлар
йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу биржа савдо айланмасининг ўсиши,
битимлар тузишнинг жадаллашуви, фонд бозорига хизмат кўрсатувчи барча
инфратузилмаларнинг ривожланиши ҳамда қонунчилик ва мувофиқлаштириш ишларининг
такомиллаштирилганидан далолат беради. Буларнинг барчаси қимматли қоғозлар
бозори иштирокчилари ҳамда кенг жамоатчиликнинг мамлакатимиз фонд бозорига
бўлган қизиқишини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Асосий
кўрсаткичлар
“Тошкент”
республикаси фонд биржаси мамлакатимиз қимматли қоғозлар бозорининг асосий
савдо майдони ҳисобланади. 2017 йилда биржа фаолиятида сезиларли жонланиш
кузатилиб, савдо айланмасининг умумий ҳажми 298,6 млрд. сўмни ташкил
қилди. Мазкур даврда фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган
битимлар сони 2572 тани ташкил этган ҳолда, йил давомида биржа савдолари орқали
99 та акциядорлик жамиятининг 1 551,6 млн. дона қимматли қоғози билан биржа
битимлари амалга оширилди. Гарчи фонд биржаси савдо айланмасида сўнгги йилларда
маълум даражада ўсиш кузатилаётган бўлса-да, қимматли қоғозларга бўлган талаб
ва таклифларнинг бир ерда жамланишини етарли даражада, деб бўлмайди. Бу эса, ўз
навбатида, қимматли қоғозларнинг юқори ликвидлилигини ошириш ҳамда акция
қийматини тўғри аниқлаш имкониятини бермайди. Таҳлилларга кўра, 2017 йилда фонд
биржасида 248 та савдо сессияси ўтказилиб, кунига ўртача 10 тадан битим амалга
оширилди. Айрим листинг компаниялари акциялари бўйича бирорта ҳам битим
тузилмаган. Хусусан, ҳисобот даврида биржа котировкалаш варағига кирган
акциядорлик жамиятларининг 53 фоизи биржа савдоларида иштирок этган.
Биржа
бозорининг таркиби
Якунланган
йилда Ягона дастурий-техник комплексга кирувчи биржа савдо платформасидаги
“Stock Market” акциялар бозорининг қуйидаги савдо секцияларида савдо битимлари
амалга оширилди. Асосий секцияда (“Main Board”) 92,3 млрд. сўмлик 2348 та
битим қайд қилинган (йил давомида тузилган умумий битимлар сонининг 91,3
фоизи). Жисмоний шахслар учун клирингсиз битимлар тузиш имкониятини берувчи
секцияда (“NC Board”) 0,15 млрд. сўмлик 201 та битим тузилган. Шунингдек,
музокаралар аукциони тарзидаги секцияда (“Nego Board”) 78,8 млрд. сўмлик
11 та битим тузилди. Қайд этиб ўтиш лозимки, “Trastbank” ХАБ томонидан банк
капиталини кўпайтириш мақсадида қўшимча чиқарилган 60,0 млн. дона акциянинг
асосий қисми “Nego Board” секцияси орқали жойлаштирилиши ушбу секцияда биржа
савдоларининг юқори бўлишига хизмат қилди. Қимматли қоғозларни хорижий валютада
сотиш “FTC Market” бозорининг асосий секциясида (“Main Board”) 2 та акциядорлик
жамиятининг қимматли қоғозлари билан 1,9 млн. АҚШ долларилик 4 та битим (савдо
кунидаги Марказий банк курси бўйича 7,9 млрд. сўм) ҳамда музокаралар аукциони
тарзидаги секцияда (“Nego Board”) “UTBank” АЖнинг 20,46 млн. дона акцияси билан
(ҳозирда “Ziraat Bank Uzbekistan” АЖ) 14,0 млн. АҚШ доллари ёки савдо кунидаги
Марказий банк курси бўйича 113,3 млрд. сўмлик 2 та битим тузилди. Умуман, “FTC
Market” бозорининг йиллик биржа савдо айланмасидаги улуши 40,6 фоизни ташкил
этди. Шунингдек, ўтган йилда “Bond Market” облигациялар бозорининг асосий
секциясида “O‘zsanoatqurilishbank” АТБнинг 20 090 дона ва “Kapitalbank” АТБнинг
1 000 дона корпоратив облигацияси билан 3,0 млрд. сўм миқдорида 5 та битим
имзоланди. Бундан ташқари, 2017 йилда “блок-трейдинг” савдо секциясида
акциядорлик жамиятига хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида биржа
савдоларига қўйилган “Қурилишмашлизинг” АЖ устав фондининг 15 фоизини ташкил
этувчи акция пакети билан 3,0 млрд. сўмлик 1 та битим имзоланди.
Тармоқлар
таҳлили
Фонд биржаси
фаолиятининг ўтган йилги савдо айланмаси таҳлили иқтисодиётнинг молиявий
сектори, яъни банк, суғурта ва лизинг соҳасидаги компаниялар қимматли қоғозлари
юқори инвестицион жозибадорлик касб этганини кўрсатди. Молиявий тармоқнинг
умумий савдо айланмасидаги улуши 87,8 фоиз ёки 262,2 млрд. сўмни ташкил қилган
ҳолда, шундан 257,6 млрд. сўмлик қисми ёки 86,3 фоизи тижорат банкларининг, 3,1
млрд. сўмлик қисми (1,0 фоиз) лизинг компаниялари ҳамда 1,5 млрд. сўмлик қисми
(0,5 фоиз) суғурта компаниялари қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлардан иборат бўлди. 2016 йилда биржа савдо айланмасида молиявий
тармоқнинг улуши 51,6 фоиз ёки 154,8 млрд. сўмни ташкил қилган эди. Шунингдек,
ўтган йилда умумий биржа савдо айланмасида агросаноат мажмуасининг улуши ўсган
ҳолда 9,2 фоиз ёки 27,3 млрд. сўмни (2016 йилда – 5,3 фоиз ёки 14,9 млрд. сўм),
саноат тармоғининг улуши эса 0,3 фоиз ёки 0,9 млрд. сўмни (2016 йилда – 24,6
фоиз ёки 73,7 млрд. сўм) ташкил қилди. Қурилиш материаллари тармоғига кирувчи жамиятларнинг
қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳиссаси биржа савдо
айланмасида 0,5 фоиз ёки 1,6 млрд. сўмдан (2016 йилда – 1,2 фоиз ёки 3,5 млрд.
сўм) иборат бўлди.
Ҳудудлар
иштироки
2017 йилда
фонд биржасида республикамизнинг барча 14 та ҳудудида жойлашган листинг
компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (90,47 фоиз) ва Фарғона вилоятидаги
(3,46 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди. Тузилган битимлар сони
бўйича ҳудудий етакчилик Тошкент шаҳри ҳиссасига (41,9 фоиз) тўғри келди.
Инвесторлар
ҳиссаси
Халқаро
тажрибадан маълумки, мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш чора-тадбирларини
олиб боришнинг муҳим шарти ва манбаи фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш
ҳамда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобланади. Сўнгги
йилларда бу борада қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлар ижроси натижасида
биржа савдоларида хорижий инвесторлар иштирокининг сезиларли равишда ошганлиги
кузатилмоқда. Хусусан, 2017 йилдаги умумий савдо айланмаси таркиби инвесторлар
тоифасига кўра таҳлил қилинганда, тузилган битимлар умумий ҳажмининг 67,8
фоизи ёки 202,4 млрд. сўмлик қисмини юридик шахсларнинг инвестициялари ташкил
этганлигини кўришимиз мумкин. Шундан 63,0 фоизи ёки 127,6 млрд. сўмлиги хорижий
инвесторлар ҳиссасига тўғри келди. Жисмоний шахсларнинг умумий биржа савдо
айланмасида инвесторлар тоифасига кўра улуши эса 32,2 фоиз ёки 96,2 млрд. сўмни
ташкил этган. Қайд этиш лозимки, ўтган йили биржа савдолари орқали хорижий
инвесторлар томонидан киритилган инвестицияларнинг аксарият қисми
иқтисодиётнинг молия тармоғи (91,3 фоиз), агросаноат мажмуаси (6,0 фоиз),
қурилиш материаллари (0,1 фоиз) таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари ҳамда
бошқа тармоқлар (2,5 фоиз) ҳиссасига тўғри келган. Таҳлилларга кўра, фонд
биржаси савдоларида инвестор сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг тижорат
банклари қимматли қоғозларига бўлган қизиқиши ва ишончи доимий равишда
юқорилигича қолмоқда. Хусусан, ўтган йилда биржа савдолари орқали жисмоний
шахслар инвестицияларининг 94,5 фоизи, юридик шахслар инвестицияларининг 82,4
фоизи тижорат банклари қимматли қоғозларига йўналтирилган.
Энг пешқадам
эмитентлар
Ўтган
йилдаги энг йирик битим 30 ноябрь санасида “UTBank” АЖнинг 20,46 млн. дона акцияси
билан 14,0 млн. АҚШ долл. (савдо кунидаги МБ курси бўйича 113,3 млрд. сўм)
миқдорида тузилди. Бутун йил давомида эса “UTBank” АЖнинг акциялари билан
113,37 млрд. сўмлик 4 та савдо битими амалга оширилди ҳамда ушбу банк фонд
биржасида савдо айланмаси ҳажми бўйича йилнинг энг пешқадам эмитенти деб
топилди (йиллик савдо айланмасининг 38,0 фоизи). Шунингдек, ўтган йил
давомида қимматли қоғозлари билан савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган ТОП-5
эмитентларга “Trastbank” ХАБ (26,6 фоиз), “Asia Alliance Bank” АТБ (6,2 фоиз),
“Turkiston” ХАТБ (5,7 фоиз) ва “Savdogarbank” АТБ (5,0 фоиз) кирган ҳолда,
уларнинг қимматли қоғозлари билан фонд биржасида жами 243,5 млрд. сўмлик савдо
битимлари амалга оширилди. Бу йиллик савдо айланмасининг 81,6 фоизи демакдир.
Бундан ташқари, ўтган йилда “Marg’ilon Fayz savdo kompleksi” АЖ тузилган савдо
битимлари сони бўйича етакчилик қилиб, ўтган йил давомида ушбу жамиятнинг 758,8
минг дона акциялари билан 393 та савдо битими имзоланди. Шунингдек, тузилган
савдо битимлари сони бўйича кучли бешликдан “Hamkorbank” АТБ (275 та битим),
“Granit” АЖ (214 та битим), “Olchazor aziya” АЖ (275 та битим) ва
“O’zsanoatqurilishbank” АТБ (117 та битим) ҳам ўрин олди.
Фонд биржаси
листинги – имконият гарови
Ўтган йил
давомида фонд биржаси томонидан молиявий барқарор ва ликвидли акциядорлик
жамиятлари қимматли қоғозларини биржа савдоларига қўйиш орқали энг ишончли ва
сифатли қимматли қоғозларни аниқлаш имкониятини яратиш мақсадида фаол ишлар
амалга оширилди. Агар 2011 йил 31 декабрь ҳолати бўйича биржа листинги
тартиб-таомилидан 100 та акциядорлик жамияти муваффақиятли ўтган бўлса, сўнгги
6 йилда уларнинг сони ўсиб борган ҳолда 2017 йилнинг 31 декабрь ҳолатига кўра
186 тани ташкил этмоқда. Шундан, 21 та акциядорлик жамиятининг қимматли
қоғозлари 2017 йил давомида биржа котировкалаш варағига киритилди ҳамда биржа
листинги тартиб-таомилларига жавоб бермаган 26 та жамиятга нисбатан делистинг
тартиби қўлланилди. Листинг компаниялари таркибига тижорат банклари, суғурта
компаниялари, нефть ва газ саноати, агросаноат комплекси, энергетика ва
металлургия тармоғи, қурилиш моллари ишлаб чиқарувчи ҳамда бошқа бир қатор
соҳаларда фаолият юритувчи акциядорлик жамиятлари киритилган. Бугунги кунда
биржа котировкалаш варағидаги акциядорлик жамиятларининг 25 таси “А” тоифа, 28
таси “В” тоифа, 104 таси “С” тоифа ҳамда 29 та жамият “Р” тоифага мансубдир.
Фонд бозори
ва биржа фаолияти тарғиботи
“Тошкент”
республика фонд биржаси томонидан қимматли қоғозлар бозори ҳақида
аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, олий ва
ўрта-махсус ўқув юртлари талабалари иштирокида ушбу мавзуга бағишлаб учрашув ва
семинарлар ташкил қилишга катта аҳамият қаратиб келинмоқда. Айниқса,
республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган молия-иқтисод йўналишидаги олий
ва ўрта-махсус ўқув юртлари талабалари учун фонд бозори тўғрисида асосий
тушунчалар, қимматли қоғозлар билан ўтказиладиган биржа савдолари тартиби ва
унинг афзалликлари, бу бозорда тадбиркорлик фаолиятини юритишнинг ўзига хос
жиҳатлари ҳақида маълумотлар бериб келинмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар 2017
йилда ҳам фаол равишда давом эттирилиб, фонд биржаси биносида ва аниқ
чора-тадбирлар режаси асосида республикамиз ҳудудларида 30 дан ортиқ учрашув ва
семинар ташкил қилинди. Бундан ташқари, телерадиоканаллар орқали “Корпоратив
хабарлар” рукнида хабарлар, янгиликлар, газета ва журналлар ҳамда интернет
сайтлари орқали фонд бозори тўғрисида асосий тушунчалар, биржа савдо
айланмалари таҳлили бўйича мунтазам равишда мақолалар бериб борилмоқда.
“Тошкент”
республика фонд биржаси бундан буён ҳам ўзининг замонавий электрон савдо тизими
орқали акциядорлик жамиятлари қимматли қоғозларининг эркин муомалада бўлишини
таъминлаш, кичик бизнес субъектлари ва кенг аҳоли қатламини фонд биржаси
савдоларига жалб қилиш, эмитентлар ҳамда инвесторларнинг фонд бозори
имкониятларидан янада самарали фойдаланишларига ёрдам бериш юзасидан фаол иш
олиб боради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз фонд бозорининг янада
ривожланиши ва иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланишига
хизмат қилади.
Ўктам ОЧИЛОВ,
“Тошкент” РФБ таҳлилий хизмати бошлиғи.
"БИРЖА" газетасининг
2018 йил 20 январдаги №7(2330)
- сонида эълон қилинган