2017 йилнинг 20 - 24 ноябр кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 14 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 56 та битим
қайд қилиниб, 73,1 млн. дона қимматли қоғозлар 35,6 млрд. сўмга сотилди. Ушбу
кўрсаткич ўтган ҳафта савдо якунларига нисбатан 13,4 маротабага кўпдир.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 98,7 фоизи тижорат банклари ва 1,3 фоизи саноат тармоғидаги акциядорлик
жамиятларининг қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг
йирик битим 23 ноябрь санасида «Trastbank» ХАБнинг 13,9 млн. дона акцияси билан
18,5 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Бундан ташқари, 20 ноябрда «Kapitalbank» АТБга тегишли ҳар бирининг
нархи 1,0 млн. сўм бўлган 1000 дона корпоратив облигациялари билан 1,0 млрд.
сўм миқдорида 2 та савдо битими амалга оширилди. Йил бошидан буён эса фонд
биржасида 2 та тижорат банкининг жами 3,0 млрд. сўмлик 21 090 дона
облигациялари билан савдо битимлари тузилган.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича ҳам етакчиликни «Trastbank»
ХАБ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу банкнинг 25,2 млн. дона акциялари
билан 33,3 млрд. сўмлик 23 та битим амалга оширилди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу савдо битимлари Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги 3270-сонли “Республика банк тизимини
янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
қарори ижросини таъминлаш мақсадида банк устав капиталини қўшимча акциялар
чиқарилуви орқали ошириш ҳамда уларни жойлаштириш доирасида амалга оширилмоқда. Банк Кенгаши томонидан қўшимча 22 чиқарилувда номинал
қиймати 1 000 сўм бўлган жами 60,0 млрд. сўмлик 60,0 млн. дона эгасининг номи
ёзилган оддий акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Trastbank» ХАБ (ҳафталик савдо айланмасининг
– 96,2 фоизи) ва «Turkiston» ХАТБ (2,3
фоизи) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 98,5 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (96,8 фоиз) ва Наманган вилоятидаги
(1,3 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. «O`ZBEKGEOFIZIKA» АЖ. Нисбат – 4:1. Ушбу акциядорлик жамияти бир
дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 1144 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати эса 286 сўмни ташкил қилади.
2. «Qo'qonspirt» АЖ. Нисбат – 2:1. Ушбу эмитент бир дона
акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 2 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал
қиймати 1 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 79.1
фоизи, битимлар сонининг эса – 96.3 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Таҳлилларга кўра инвестор сифатида жисмоний шахслар энг кўп тижорат банкларининг
(98,3 фоиз) акцияларига юқори қизиқиш билдиришган.
Таҳлилларга кўра, фонд биржасида йил бошидан буён 112,2 млрд. сўмлик 2255
та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 90 та эмитентнинг
1,4 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Ўктам ОЧИЛОВ,
«Тошкент» РФБнинг
Таҳлилий хизмат бошлиғи