2017 йилнинг 18 - 22 декабр кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 16 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 40 та битим
қайд қилиниб, 1,4 млн. дона акция 1,7 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 91,5 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 21 декабр санасида
«Turkiston» ХАТБнинг 913,0 минг дона акцияси билан 913,0 млн. сўм миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни «Madad Invest
Bank» ХАТБ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу банкнинг 119,8 минг дона
акциялари билан 599,0 млн. сўмлик 12 та битим амалга оширилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Turkiston» ХАТБ (ҳафталик савдо
айланмасининг – 53,0 фоизи), «Madad Invest Bank» ХАТБ (34,8 фоизи), «Alskom» АЖ
СК (4,9 фоизи) ва «Shaxrixon-Avto Ravon» АЖ (3,5 фоизи) ташкил этди. Бу
ҳафталик савдо айланмасининг 96,3 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг
энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (93,2 фоиз) ва Андижон вилоятидаги (3,9 фоиз)
акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. «Shaxrixon-Avto Ravon» АЖ. Нисбат – 2,05:1. Ушбу акциядорлик жамияти
бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 1 750 сўмдан иборат бўлди.
Акциянинг номинал қиймати эса 850 сўмни ташкил қилади.
2. «Alskom» АЖ СК. Нисбат – 1,23:1. Ушбу эмитент бир
дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 1 700 сўмдан иборат бўлди.
Акциянинг номинал қиймати 1 380 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 92,3
фоизи, битимлар сонининг эса – 87,5 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Таҳлилларга кўра инвестор сифатида жисмоний шахслар энг кўп тижорат
банкларининг (96,1 фоиз) акцияларига юқори қизиқиш билдиришган.
Таҳлилларга кўра, фонд биржасида йил бошидан буён 285,5 млрд. сўмлик 2464 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 98 та эмитентнинг 1,5 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Ўктам ОЧИЛОВ,
«Тошкент» РФБнинг
Таҳлилий хизмат бошлиғи