Жорий йилнинг 3-7 июль кунлари “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларида 15 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 31 та битим қайд қилиниб,
100,5 млн. дона акция 10,5 млрд. сўмга сотилди. Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 99,7 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 4 июль санасида
“Savdogarbank” АТБнинг
100 минг
дона акцияси билан 10,0 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни “Marg'ilon
Fayz savdo kompleksi” акциядорлик жамияти эгаллади. Унинг 19,9 минг дона акцияси билан
20,1 млн. сўмлик 11 та битим амалга оширилди.
Шундай қилиб, ҳафта
давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Savdogarbank” АТБ
(ҳафталик савдо айланмасининг – 95,6 фоизи), “Ravnaq-bank” АТБ (4,1
фоиз), “Marg'ilon Fayz savdo kompleksi” АЖ (0,2 фоиз), “Aloqabank” АТБ (0,1
фоиз) ва “Hamkorbank” АТБ (0,02 фоиз) ташкил этди. Жами савдо айланмасининг
99,9 фоизи улар ҳиссасига тўғри келди.
Республикамизнинг 6 та
ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо
битимлари имзоланиб, бунда биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент
шаҳридаги (99,8 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг
номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ қуйидаги акциядорлик
жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди:
- “Jizzaxdonmahsulotlari”
акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 5 300
сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 100 сўм.
- “O'zneftmahsulot”
акциядорлик жамияти бир дона акциясининг номинал қиймати 1000 сўм бўлиб,
унинг савдо кунидаги биржа нархи 3 000 сўмга етди.
Инвесторлар тоифасига
кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий
битимлар ҳажмининг 95,6 фоизи айнан улар улушини ташкил этди.
Тузилган битимлар сони бўйича эса жисмоний шахслар пешқадам бўлишди
(96,8 фоиз).
Фонд биржасида йил
бошидан буён 43,5 млрд. сўмлик 1382 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда
биржа савдоларида 75 та эмитентнинг 1,2 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Ўктам ОЧИЛОВ,
“Тошкент” РФБнинг
Таҳлилий хизмат бошлиғи.