2017 йилнинг октябрь ойида фонд биржасида 21 та савдо сессияси
ўтказилиб, 30 та акциядорлик жамиятининг 58,8 млн. дона қимматли қоғозлари
билан 193 та савдо битими тузилди. Cавдо айланмаси октябрь ойида 4,4 млрд.
сўмни ташкил қилди.
Таҳлиллар октябрь ойи жами савдо айланмасининг 77,9 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган
битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 12 октябрь санасида
«Stock Market» акциялар бозорининг асосий секциясида «Savdogarbank» АТБнинг
25,0 млн. дона акцияси билан 2,5 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни «Olchazor aziya»
АЖ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу
жамиятнинг 2650 дона акциялари билан 79,5 млн. сўмлик 60 та битим амалга
оширилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Savdogarbank»
АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 56,6 фоизи), «Turkiston» ХАТБ (19,8 фоизи) ва «SHIFOBAXSH BULOQ» АЖ (14,5 фоизи) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо
айланмасининг 91,0 фоизини ташкил этади.
Ўтган октябрь ойида фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (80,7 фоиз) ва
Тошкент (15,0 фоиз) вилоятидаги акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланган қимматли қоғозларнинг
ликвидлилик коэффициенти октябрь ойида умумий ҳолда 1,21 пунктни ташкил этди.
Ҳисобот даврида қимматли қоғозлар билан тузилган умумий биржа битимларининг 70
фоизи номинал қийматидан юқори нархда амалга оширилган. Энг юқори ликвидлилик
кўрсаткичи агросаноат мажмуасига мансуб акциядорлик жамиятларининг қимматли
қоғозларига тўғри келади (10,94 пункт).
Шунингдек, ўтган ойда инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг 84,9 фоизи, умумий битимлар сонининг эса 95,8
фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Таҳлилларга кўра инвестор сифатида
жисмоний шахслар энг кўп тижорат банкларининг (91,8 фоиз) акцияларига юқори
қизиқиш билдиришган.
Таҳлилларга кўра, фонд биржасида йил бошидан буён 72,8 млрд. сўмлик
2 108 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 88 та
эмитентнинг 1265,7 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Ўктам ОЧИЛОВ,
«Тошкент» РФБнинг
Таҳлилий хизмат бошлиғи