29 май – 2 июнь кунлари
“Тошкент” республика фонд биржаси савдоларида 15 та акциядорлик жамиятининг
қимматли қоғозлари билан 32 та битим қайд қилиниб, 194,8 минг дона акция 443,2
млн. сўмга сотилди. Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 40 фоизи қурилиш
материаллари тармоғидаги жамиятлар ва 26,2 фоизи тижорат банкларининг қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 2 июнь
санасида “Amubuxorokanalqurilish” акциядорлик жамиятининг 58,4 минг
дона акцияси билан 116,8 млн. сўм миқдорида тузилди.
Бундан ташқари,
“Quvasoyshifer” акциядорлик жамиятининг 37,8 минг дона акцияси билан хорижий
инвестор иштирокида 46,2 минг АҚШ доллари ёки Марказий банк курси бўйича 177,7
млн. сўм миқдоридаги савдо битими имзоланди. Натижада ҳафталик савдо
айланмасида хорижий инвесторлар улуши 40 фоиз бўлади.
Ҳафта давомида савдо
айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Quvasoyshifer” АЖ (ҳафталик савдо
айланмасининг – 40,1 фоизи), “amubuxorokanalqurilish” АЖ (26,4 фоиз),
“Universal bank” ХАТБ (23,7 фоиз), “Toshkentvino kombinati” АЖ (4 фоиз)
ва “Hamkorbank” АТБ (2,3 фоиз) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо
айланмасининг 96,5 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида
республикамизнинг 5 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли
қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми
Фарғона вилоятидаги (65,3 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг
номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ қуйидаги акциядорлик
жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди:
– “Shifobaxsh buloq”
акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 40 000
сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 747 сўмни ташкил этди.
–
“Buxorogazsanoatqurilish” акциядорлик жамияти бир дона акциясининг
савдо кунидаги биржа нархи 4500 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати
500 сўм.
Ўтган ҳафтада
инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб,
тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 62,6 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри
келди. Ушбу ҳафтада тузилган битимлар сони бўйича эса жисмоний шахслар
пешқадамлиги кузатилди (84,3 фоиз).
Фонд биржасида йил
бошидан буён 25,0 млрд. сўмлик 1025 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда
биржа савдоларида 63 та эмитентнинг 1,0 млрд. дона қимматли қоғозлари
сотилган.
Ўктам ОЧИЛОВ,
“Тошкент” РФБнинг Таҳлилий хизмат бошлиғи