Мустақилликнинг
ўтган йилларида миллий қимматли қоғозлар
бозорини яратиш, уни турли молиявий воситалар, шу жумладан, давлат корхоналари
ва муассасаларини акциядорлик жамиятига айлаштириш ҳамда давлат акция
пакетларини хусусий мулкка сотиш йўли билан етарли даражада таъминлаш бўйича
кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда қимматли
қоғозларни чиқариш, уларни жойлаштириш ва муомалада бўлишини таъминлашни
тартибга солувчи барча зарурий меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд. Чунончи Фуқаролик кодекси, “Қимматли қоғозлар
бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги
қонунлар, шунингдек, бир қатор қонуности
ҳужжатлар ва савдо ташкилотчиларининг қоидалари амал қилмоқда. Миллий капитал
бозорининг рақобатбардошлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида қимматли
қоғозлар бозорини ривожлантириш ва акциядорлик жамиятларида корпоратив
бошқарувни такомиллаштиришга доир дастурлар қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга,
республикамизда қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг миллий иқтисодиётдаги
ролини янада ошириш учун уни кейинги йилларда ривожлантиришнинг ҳаракат
стратегиясини, бозор муносабатлари шароитида унинг фаолият юритиш механизмини
такомиллаштириш борасидаги ғоялар ва қарашлар тизимини белгилаб берадиган
муайян концепцияни яратишга эҳтиёж сезилди.
Шу нуқтаи назардан,
Давлат рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасида 2017-2018 йилларда
иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Давлат рақобат
қўмитасининг Тадқиқотлар маркази, қимматли қоғозлар бозори инфратузилмаси
институтлари ва бошқа давлат органлари вакиллари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган
мазкур концепция бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг
иқтисодий ислоҳотлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини
ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги
иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларини рўёбга
чиқариш негизида қабул қилинди.
Концепциянинг пировард
мақсади Ўзбекистонда эмиссиявий қимматли қоғозлар, айниқса, акциялар ва корпоратив облигацияларнинг
иккиламчи бозорини ривожлантириш, ҳосилавий молиявий воситалар бозорини яратиш
учун зарур шарт-шароитларни барпо этишга имкон берадиган стратегияни ва бу
борада давлат органлари, фонд бозори барча иштирокчиларининг фаолият
йўналишларини белгилашдан иборат.
Республикамизда
2017-2018 йилларда иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш концепциясининг асосий
ғоялари ва қоидалари тўрт бўлимда акс эттирилган. Биринчи бўлим қимматли
қоғозлар бозорининг энг муҳим таркибий қисми сифатида иккиламчи фонд бозорининг
ролини тавсифлайди ва концепциянинг мақсадини белгилайди. Иккинчи бўлим
республика қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг чуқур таҳлилига бағишланган
бўлиб, унинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар келтирилган.
Учинчи бўлимда иқтисодий ислоҳотларнинг замонавий босқичида мамлакатимизда
иккиламчи фонд бозорини ривожлантиришнинг кейинги шарт-шароитлари баён этилган.
Тўртинчи бўлимда эса яқин истиқболда иккиламчи фонд бозорини ривожлантиришнинг
концептуал қоидалари таклиф этилган.
Мазкур концепцияга
мувофиқ, яқин истиқболда иккиламчи фонд бозорини ривожлантиришнинг асосий
концептуал қоидалари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- акциядорлик жамиятлари
ва хўжалик бирлашмалари устав капиталидаги давлат улушларини қисқартириш,
қимматли қоғозлар бозори ривожланишини рағбатлантирадиган имтиёз ва
преференцияларни яратиш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, акциядорлик
жамияти шаклидаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, миллий иккиламчи
бозорнинг хорижий ва халқаро бозор билан интеграциясини таъминлаш каби
мақсадларни кўзлашга қаратилган давлат сиёсатини олиб бориш;
- акциядорлик жамиятлари
ва хўжалик бирлашмалари устав капиталидаги давлат улушларини хусусий секторга
сотиш ёки уларни мақбул даражагача қисқартириш орқали қимматли қоғозлар
иккиламчи бозорининг ресурс базаси яратиш;
- давлат органлари билан
бир қаторда биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчилари, эмитентлар,
инвесторлар, фонд бозорининг профессионал иштирокчилари, илмий-тадқиқот
марказлари ва таълим муассасаларини жалб этган ҳолда қимматли қоғозлар
иккиламчи бозорини ривожлаштириш бўйича махсус дастурларни ишлаб чиқиш ва
тасдиқлаш;
- қимматли қоғозлар
бозори инфратузилмаси ташкилотлари, профессионал иштирокчилари, тартибга
солувчи давлат органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган қимматли қоғозлар
иккиламчи бозорининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
- битимларни доимий
тарзда тузиш, қимматли қоғозларни котировкалаш даврини ўрнатиш, уларнинг
ликвидлилигини ошириш, маркет-мейкерларни ташкил этиш, акциядорлик
жамиятларининг камида 10 фоиз акцияларининг фонд биржасида доимий муомаласини
таъминлаш орқали иккиламчи фонд бозорида қимматли қоғозларнинг ҳақиқий бозор
нархини шакллантириш, шунингдек бунда зарурий шароитлар яратиш мақсадида
тегишли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш;
- қимматли қоғозлар
иккиламчи бозори соҳасидаги солиқ сиёсатини такомиллаштириш, жумладан, ягона
солиқ тўловини қўллаётган брокерлик ташкилотлари учун солиққа тортишнинг ягона
нормасини ўрнатиш, дилерлик операцияларини ўтказиш чоғида юзага келадиган
зарарларнинг ҳисобга олиниши юзасидан Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш;
- эмитентлар фаолияти
тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида акциядорлик
жамиятлари томонидан корпоратив веб-сайтларга қўйилган талабларнинг
бажарилишини таъминлаш, “Тошкент” РФБ веб-сайтини Корпоратив ахборот ягона
портали билан интеграциялаш, акциялар котировкаси бўйича ахборотни
инвесторларга халқаро амалиётда қўлланиладиган шаклда тақдим этиш, ахборотни
тарқатиш бўйича агентликларни ташкил этиш ва улар фаолиятини таъминлаш;
- юқори ликвидли
акциялар (“blue chip”) гуруҳини яратиш, инвесторлар билан алоқада бўладиган
ҳамда компанияларни биржа листингига тайёрлайдиган махсус ташкилотларни барпо
этиш, маркет-майкерлар институтини жорий этиш орқали фонд бозорининг
ликвидлигини ошириш;
- қимматли қоғозлар
иккиламчи бозорида клиринг операцияларини ривожлантириш, бунинг учун Ягона
дастурий-техник мажмуа таркибидаги клиринг, ҳисоб-китоб ва субдепозитар
модулини тўла амалга оширилишини таъминлаш, брокерлик ташкилотлари мижозлари
учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий
банкида ҳисобварақлар очиш, реал вақт режимида “банк-брокер” ўзаро электрон
муносабатни таъминлайдиган дастурларни жорий этиш;
- корпоратив
ҳаракатларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, корпоратив
ахборотни тарқатиш ва қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлашни
марказлаштирилган тарзда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва инвестиция
воситачилари орқали амалга ошириш тизимини яратиш;
- уюшган ва уюшмаган
биржадан ташқари қимматли қоғозлар иккиламчи бозорлари механизмларини
ривожлантириш;
- давлат томонидан
акциядорлик жамиятларини бошқаришда иштирок этиш махсус ҳуқуқи (“олтин
акция”)дан фойдаланиш механизмини ишга солиш орқали стратегик аҳамиятга молик
йирик корхоналар давлат улушларини аҳоли кенг қатламларига сотишни ташкил этиш,
ва шу тариқа давлат бюджетининг даромад қисмини тўлдириш;
- корхоналарни
ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим молиялаштириш манбаси
ҳисобланган IPO (акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш) лойиҳаларини ишлаб
чиқиш ва амалга ошириш;
- иккиламчи фонд бозори
инфратузилмаси институтларини ривожлантириш, улар фаолиятини эркинлаштиришга
қаратилган махсус чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, уларнинг иккиламчи фонд
бозорида фаолият юритишлари учун турли рағбатлантирувчи омилларни яратиш,
шунингдек, қимматли қоғозлар бозорида рейтинг агентликлари, махсус оммавий
ахборот воситалари, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси
каби институтлар фаолиятини таъминлаш;
- аҳолининг молиявий
саводхонлигини ошириш мақсадида аҳолининг мамлакат молиявий тизими, молиявий
воситалар ва институтлар, қимматли қоғозлар бозори борасидаги билим даражасини
оширишга қаратилган махсус дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш.
Хуллас, концепцияда белгиланган ушбу ғоялар ва
стратегик мақсадларга амал қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи
давлат бошқарув органлари ва мамлакат фонд бозорининг энг муҳим институтлари
саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.
Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларига нисбатан изчил ва мувофиқлашган
иқтисодий сиёсатни олиб боришга имкон беради.
Бу эса, ўз навбатида, қимматли
қоғозлар иккиламчи бозорини ривожлантириш жараёнини сезиларли даражада
тезлаштиради, уни янги ташкилий ва иқтисодий даражага олиб чиқади ҳамда фонд
бозори ҳолатига ва умуман бозор муносабатларининг ривожланишига самарали таъсир
этади.
Зуфар Ашуров,
Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги
Тадқиқотлар маркази катта илмий ходими