Бозор муносабатларини
чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини янада
ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда қулай
ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган ислоҳот мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида
муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда қимматли қоғозлар бозори, унинг
таркибий қисми бўлган фонд биржасининг ўзига хос ўрни бор. Кўрсаткичларга назар
ташласак, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида фонд биржасида қимматли қоғозлар
билан амалга оширилган битимлар сони – 491 тани ташкил этди. Биржа савдо
айланмасининг умумий ҳажми эса 19,9 млрд. сўмдан иборат бўлди.
Биринчи чоракда биржа
савдолари орқали 49 та акциядорлик жамиятининг 136,8 млн. дона қимматли
қоғозлари билан биржа битимлари тузилди. Ўтган йилнинг мазкур даврида эса 30,5
млн. дона қимматли қоғоз билан биржа битимлари имзоланган.
Ҳисобот даврида Ягона
дастурий-техник комплекснинг қуйидаги савдо секцияларида савдо битимлари амалга
оширилди:
– асосий секция (“Main
Board”) – 16,8 млрд. сўмлик 429 та битим;
– жисмоний шахслар учун
клирингсиз битимлар тузиш имкониятини берувчи секция (“NC Board”) – 0,05 млрд.
сўмлик 61 та битим;
– блок – трейдинг савдо
секциясида - 3,1 млрд. сўмлик 1 та битим.
Қайд этиш лозимки,
ҳисобот даврида энг йирик савдо битимлари “Asia Alliance Bank” АТБнинг 4,3
млрд. сўмлик, “Farg'ona go'sht-sut savdo” АЖнинг 3,2 млрд. сўмлик,
“Qurilishmashlizing” AЖнинг 3,1 млрд. сўмлик ҳамда “Turkiston” ХATBнинг 2,9
млрд. сўмлик акциялари билан амалга оширилди.
Таҳлилларга кўра,
биринчи чорак савдо айланмасида иқтисодиётнинг молиявий тармоғи, яъни банк,
суғурта ва лизинг соҳасидаги компаниялар қимматли қоғозлари юқори инвестицион
жозибадорлик касб этган ҳолда унинг умумий савдо айланмасидаги улуши 50,4
фоизни ёки 10,0 млрд. сўмни ташкил қилди. Ўз навбатида, молиявий тармоқнинг энг
кўп қисми, яъни 44,0 фоизи ёки 8,7 млрд. сўмлик ҳажми тижорат банкларининг, 1,3
млрд. сўмлик қисми (6,4 фоиз) эса суғурта компанияларининг қимматли қоғозлари
билан имзоланган битимлар ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, ўтган даврда
агросаноат мажмуасига кирувчи жамиятларнинг қимматли қоғозлари билан амалга
оширилган битимлар ҳиссаси ошди. Уларнинг умумий биржа савдо айланмасидаги
улуши йил бошидан буён 13,3 фоиз ёки 2,6 млрд. сўмни ташкил қилди. Бундан
ташқари, биржа савдо айланмасининг 0,4 фоизи ёки 0,09 млрд. сўмлик қисми саноат
тармоғига тегишли бўлди.
Фонд биржасининг
дастлабки чоракдаги умумий савдо айланмаси таркиби инвесторлар тоифасига кўра
таҳлил қилинганда, унинг асосий қисмини, яъни 68,4 фоизини (13,6 млрд. сўм)
юридик шахсларнинг инвестициялари ташкил этганлигини кўришимиз мумкин. Шундан
15,4 фоизи ёки 3,1 млрд. сўмлиги хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Инвестор сифатида юридик шахслар энг кўп
молиявий тармоқ (32,6 фоиз) ва агросаноат мажмуасига (19,4 фоиз) мансуб
акциядорлик жамиятлари акцияларига юқори қизиқиш билдиришган.
Шунингдек, жисмоний
шахслар томонидан қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестициялар ҳажми ҳисобот
даврининг ўзида 6,3 млрд. сўмгача етди ҳамда умумий биржа савдо айланмасининг
31,6 фоизини ташкил қилди. 2016 йилнинг I чорагида эса жисмоний шахсларнинг
инвесторлар таркибидаги улуши 21,7 фоизини ёки 15,8 млрд. сўмдан иборат бўлган.
Таъкидлаш лозимки, инвестор сифатида жисмоний шахсларнинг тижорат банклари
(87,7 фоиз) ва суғурта компаниялари (1,4 фоиз) қимматли қоғозларига бўлган
қизиқиши юқорилиги кузатилди.
Шу билан бирга, фонд
биржаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган молиявий барқарор
жамиятларнинг қимматли қоғозларини биржа савдоларига жалб қилиш юзасидан олиб
борилган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 4 та акциядорлик
жамияти биржа котировкалаш варағига киритилди. Натижада фонд биржаси котировкалаш
варағидаги акциядорлик жамиятлари сони 184 тани ташкил этмоқда. (2016 йил 1
чорагида - 287 та АЖ). Уларнинг 24 таси “А” тоифа, 26 таси “В” тоифа, 103 таси
“С” тоифа ҳамда 31 та жамият “Р” тоифага мансубдир. “Тошкент” республика фонд
биржасида соҳага оид қабул қилинган
қонунлар, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, эришилган муайян натижалар
миқёсини кенгайтириш мақсадида эмитентлар ва инвесторларнинг фонд бозори
имкониятларидан янада самарали фойдаланишлари учун ёрдам бериш юзасидан ишлар
фаол давом эттирилмоқда.
Ўктам ОЧИЛОВ,
“Тошкент” РФБнинг
Таҳлилий хизмати бошлиғи.