Маълумки, ўтган йилнинг
29 августида Корея фонд биржаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз фонд
бозорини модернизациялаш лойиҳаси ниҳоясига етказилиб, Ягона дастурий-техник
мажмуа фойдаланишга топширилган эди. Хўш, ушбу янгича тартиб ва жараённинг
имкониятлари ва афзалликлари нималардан иборат? Қимматли қоғозлар бозорини
мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган матбуот
анжуманида шу савол доирасида маълумотлар берилди.
Тадбир аввалида
таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 19 мартдаги
“Ўзбекистон фонд бозорини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Корея
фонд биржаси ва Давлат рақобат қўмитаси ўртасида имзоланган қатор ҳужжатларга
мувофиқ, ўтган йиллар давомида республикамиз қимматли қоғозлар бозори замонавий
ахборот телекоммуникация ускуналари билан жиҳозлаш орқали модернизация қилинди
ва маҳаллий мутахассисларни янги тизим бўйича ўқитиш ишлари олиб борилди.
“Фонд бозорининг ахборот-ресурс
маркази” давлат унитар корхонаси директори Зохид Зокиров иштирокчилар
эътиборига Ягона дастурий-техник мажмуа ҳақида тақдимот намойиш этди. Маърузачи
маълумот берганидек, ушбу мажмуадан “Тошкент” фонд биржаси, Марказий
депозитарий, “Элсис-савдо” акциядорлик жамияти, шунингдек, инвестиция
воситачилари, акциядорлар ва инвесторлар каби фонд бозорининг барча
иштирокчилари фойдаланишмоқда.
Янги мажмуанинг асосий
моҳияти шундаки, илгари қимматли қоғозлар бозори инфратузилма ташкилотлари
томонидан тегишли операциялар алоҳида дастурлар орқали амалга оширилган бўлиб,
олди-сотди битимлари тузилишидан олдин ва тузилганидан кейин ҳам уч кундан вақт
сарфланган бўлса, эндиликда битимлар ягона комплексда он-лайн режимида тузилади
ва бунинг учун 5-10 дақиқа кифоя. Яъни яратилган қулайлик ортиқча бюрократия ва
сансоларликларни камайиштиришга, вақт ва маблағ харажатларни тежашга олиб
келди.
Аввалги тартибдан яна
бир фарқли жиҳатига кўра, янги тизимда “Тошкент” фонд биржасида фақат листинг,
“Элсис-савдо” акциядорлик жамияти томонидан эса листингга кирмаган компаниялар
қимматли қоғозлари билан битимлар тузилмоқда. Бу бир томондан листинг
компанияларининг афзаллигини кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан листинг
талабларига жавоб бермайдиган акциядорлик жамиятлари учун ташкиллаштирилган
бозорда ўз акцияларини сотиш имкониятини яратмоқда.
Агар илгари
ўтказиладиган савдолар устидан назорат битимлар амалга оширилганидан кейин
амалга ошган бўлса, янги мажмуада онлайн равишда барча жараён бўйича назорат
вазифаси бажарилади.
Мажмуанинг бошқа бир
ўзига хос жиҳатига мувофиқ, тизимда сотувчи ва сотиб олувчи бир-бирини
танимаган ҳолда савдода қатнашади, бу битимларни келишилган ҳолда амалга
оширишнинг олдини олади. Шунинг билан бирга, агар сотув жараёнида
қимматли қоғозларнинг бозор нархида ўзгаришлар содир этилса, тизим буни
автоматик равишда аниқлайди, яъни ноқонуний олди-сотди бартараф этилади.
Бундан ташқари, янги
тизим бўйича битимлар амалга оширилганидан кейин ҳисоб-китоблар икки кун
ичида бажрилади, яъни бу муддатда акцияларни сотган томонга тегишли пул
маблағи, уни олувчи ҳисобига эса қимматли қоғоз ўтиши таъминланади.
Тақдимот давомида
мажмуани электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ва фонд бозоридаги барча
жараёнларнинг техник хавфсизлигига оид қулайликлар хусусида гапирилди. Албатта,
тизим янги бўлгани боис унга мослашиш жараёнида кузатилган камчиликлар, уларни
кореялик ҳамкорлар билан биргаликда бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар,
шунингдек, қимматли қоғозлар бозорининг республикамиз миқёсидаги барча иштирокчиларини,
мутахссисларни ўқитиш масаласига қаратилган эътибор, айни пайтда бу борадаги
фаолият сифатини ошириш мақсадида давом этаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб
ўтилди.
Анжуман иштирокчилари
янги мажмуада турли операцияларни амалга оишириш технологияси билан танишиш
имконига эга бўлишди. Хусусан, ягона дастурий-техник мажмуа имкониятларидан
фойдаланилган ҳолда шу ернинг ўзида қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимлари
онлайн тарзда www.fondbozori.uz веб-илова орқали амалга оширилди.
Тадбир якунида “Ўзбекистон
капитал бозорида энг яхши” йиллик танловининг 2016 йил бўйича ғолибларини
тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бунда Давлат рақобат қўмитаси, ушбу қўмита
ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази, Қимматли қоғозлар бозорини
мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Савдо-саноат палатаси, Марказий
депозитарий, “Тошкент” РФБ ва “Элсис-савдо” АЖ вакилларидан иборат махсус
комиссия томонидан ўрнатилган тартибда ва белгиланган мезонлар асосида
муносиб номзодларни танлаш ва ғолибларини аниқлашга катта эътибор
қаратилгани таъкидланди. Комиссиянинг қарорига кўра, “Энг яхши
корпоратив бошқарув” номинациясида – “Дори дармон” акциядорлик компанияси,
“Энг яхши инвестиция воситачиси” номинациясида – “Portfolio Investments”
МЧЖ, “Энг яхши инвестиция маслаҳатчиси” номинациясида – “Капитал депозит”
МЧЖ ғолиб деб топилди. Маросимда уларга махсус диплом ва совға топширилди.
— Биз 2005 йилдан буён
фонд биржасида қимматли қоғозлар билан олди-сотди жараёнида брокер
сифатида ва мазкур бозорда корпоратив ва инвестиция маслаҳатчиси сифатида
фаолият кўрсатиб келаяпмиз, — деди ғолиблардан бири “Капитал депозит” МЧЖ
раҳбари Ф. Ходжаев. — Бу соҳада энг яхши деган номни олиш албатта ишимизни
янада ривожлантиришга рағбат бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда қайд этиш жоизки,
мамлакатимиз фонд бозорида йўлга қўйилган янги тизим нафақат маҳаллий, балки
хорижий инвесторларга кўрсатаётган хизматимиз сифатини янада оширишига
ишонаман. Чунки, биз ҳам энди ривожланган мамлакатлар тажрибасида синовдан
ўтган замонавий қулайликларнинг барчасидан фойдаланиш шароитига, чет эллик
сармоядорларни ушбу бозорга кўпроқ жалб қилиш имкониятига эга бўлдик.
Анжуман якунида кун
тартибидаги мавзу юзасидан бир қатор саволларга атрофлича жавоблар ва қўшимча
маълумотлар берилди.
Замира ТОЖИЕВА.
“Biznes Daily”.